Янгиликлар
Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлик
12.04.2023
2023 йилнинг 12 апрель куни Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ёшлар парламенти ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятнинг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари учун семинар ташкил этилди.
Мақсад – Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Ёшлар парламенти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий лойиҳа ва дастурларда фаол қатнашишни таъминлаш, уларни тўғри ҳамда самарали молиялаштиришни ўрганишдир.
Семинарда сенаторлар, Жамоат фонди, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи масъуллари ҳамда унинг муассислигидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгаш раислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Жамоат фонди томонидан 2022 йил давомида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2022 йилда фуқаролик жамияти институтларининг дастур ва лойиҳаларига 97 млрд 755 млн сўм миқдорида давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялари ажратилган.
Йил давомида 36 та йирик жамоат ташкилотининг, шу жумладан, 14 та миллий маданият марказининг устав фаолияти ва йиллик иш режаси ижро этилиши учун 71 млрд 755 млн сўм йўналтирилди.
Таълим, маданият, тиббиёт, экология, кадастр, қурилиш, коммунал хўжалиги ва бандлик каби соҳалардаги давлат органларининг 14,0 млрд сўмлик 17 та ижтимоий буюртмасига танлов эълон қилинган.
Танловда ғолиб деб топилган 15 та ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига 13 млрд 200 млн сўм йўналтирилган.
2022 йил давомида 160 давлат гранти шаклида молиялаштириш учун 12 млрд сўм тақсимланган.
Маҳаллаларда маънавий-маърифий ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган давлат гранти бўйича 5 та танловдан 4 таси ўтказилган. Натижада ижтимоий аҳамиятга эга 132 та лойиҳа 10,0 млрд сўмга молиялаштирилган.
Ўтказилган танловларга жами 876 та ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларидан 931 та лойиҳа қабул қилинган.
Семинар давомида Жамоат фонди вакиллари томонидан ННТлар раҳбарлари учун давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти тайёрлаш ва амалга оширишдаги асосий талаблар, шунингдек, бу борада 2023 йилдаги режалар бўйича атрофлича маълумот берилди.
Семинар сўнггида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликдаги устувор йўналишлари белгилаб олинди. Шу билан бирга, Ёшлар парламентининг ҳам ижтимоий лойиҳалар ва грантларда иштирок этиш имкониятлари юзасидан тегишли тавсиялар берилди.