Янгиликлар
Ёшлар масалаларига оид давлат ижтимоий буюртмаларини нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўзлаштирилишига бағишланган учрашув ташкил этилди
28.08.2023
Жорий йилнинг 28-август куни Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятнинг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ёшлар парламенти томонидан масъул вазирлик ва идораларнинг ёшлар масалаларига оид давлат ижтимоий буюртмаларини нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўзлаштирилишига бағишланган учрашув ташкил этилди.
Учрашув ўтказиш мақсади давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни яна-да кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат органларининг ижтимоий буюртмаларини амалга оширишда уларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборат.
Унда сенаторлар, ижтимоий буюртма тақдим этган вазирлик ва идоралар масъуллари, Ёшлар иттифоқи, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятнинг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари ҳамда Фонд маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси раиси томонидан давлат ижтимоий буюртмасини тайёрлаш, тақдим этиш ва амалга ошириш юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.
Шунингдек, учрашув давомида давлат органлари томонидан 2024-йил учун ишлаб чиқилган ижтимоий буюртмалар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентилигининг ёшларга доир давлат ижтимоий буюртмалари муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида давлат ижтимоий буюртмаларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки юзасидан савол-жавоб ва муҳокамалар бўлиб ўтди. ННТ вакилларининг қизиқтирган саволларига вазирлик ва идоралар масъуллари, Жамоат фонди вакиллари томонидан атрофлича жавоб берилди.
Учрашув якунида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятнинг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликдаги устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Шунингдек, Ёшлар парламентининг ҳам ижтимоий лойиҳалар ва грантларда иштирок этиш имкониятлари юзасидан тегишли тавсиялар берилди.