Янгиликлар
Коррупцияга қарши кураш – кечиктириб бўлмас масала

Коррупцияга қарши кураш – кечиктириб бўлмас масала
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш фаолияти юзасидан кенгайтирилган йиғилиш давлат ва жамиятнинг барча соҳа ва босқичларида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлигини таъминлаш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш учун янги чақириқ бўлди. Айниқса, бугунги жадал ривожланиш, катта марраларни кўзлаган ислоҳотлар фонида коррупциявий жиноятларнинг содир этилаётгани, бу борада Парламент масъул қўмиталарининг ўрни сезилмаётгани депутат сифатида шахсан мени сергак торттиради.
Ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган, халқаро рейтингларда юқорилаётган, хорижий инвесторлар учун тобора жозибадорлик касб этаётган янги Ўзбекистон учун юртимизда коррупциядан холи муҳит яратмасдан туриб, аниқ мақсадга эришиб бўлмайди. Зеро, давлат раҳбари таъбири билан айтганда ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Бу борада барча ташкилотлар вакиллари қаторида биз депутатлар ҳам хулоса чиқариб, ўзимиз учун эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим ва аниқ вазифаларни белгилаб олдик.
Таъкидлаш жоиз, ўтган даврда Парламент томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган қонунчилик базаси яратилди, масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик ташкил қилинди. Биргина, давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани натижасида танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалди. Аммо Президентнинг бу борада мавжуд муаммолар юзасидан ташвишли эътирозлари шуни кўрсатадики, масъулларнинг ташаббускорлиги ва жамоатчилик назорати муаммо ечимида муҳим аҳамиятга эга.
Президент раислигида ўтказилган йиғилиш Парламент вакиллари олдига коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро андозаларга мос таклифларни ишлаб чиқиш, соҳага оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш, бюджетдан энг кўп маблағ оладиган вазирликларга бориб, коррупциявий омилларни ўрганиш, Сенат камида 1 та ҳудудда жиноятчиликни кескин қисқартириш бўйича, Қонунчилик пaлатаси эса камида 1 та соҳада коррупцияга барҳам бериш бўйича таклифлар бериб бориши, маҳаллагача тушиб, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини аниқлаб, ҳуқуқ-тартибот органлари олдига аниқ масалаларни тақдим этиш каби муҳим вазифалар қўйилди.
Шу билан бирга, Президент маърузасида давлат харидларида учраётган манфаатлар тўқнашуви, қиммат нархда товар сотиб олиш ёки хизмат кўрсатиш каби муаммолар ҳам тилга олиниб, ушбу муаммолар ечими сифатида тўғридан-тўғри харидларни 2 карра қисқартириш, давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича электрон тизимни ишга тушириш таклиф қилинмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти юзасидан билдирилган эътирозлар эса фақат муаммонинг оқибатлари билан шуғулланиш эмас, аксинча сабабларини таҳлил қилиш, уларни олдини олишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқиш, тегишли ташкилотлар, айниқса Парламент вакиллари билан янада яқинроқ ишлаш зарурлигини кўрсатди.
Шунингдек, юртимизда бу иллатни бутунлай йўқ қилиш учун аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиши, тадбиркорлар ва давлат идоралари ўртасидаги муносабатлар, бюджет маблағларининг сарфланиш жараёнларини максимал даражада рақамлаштириш, инсон иштирокини минималлаштириш, манфаатлар тўқнашувини йўқ қилиш, бюрократия ва қоғозбозликдан воз кечиб, очиқ ва ошкора тизим яратиш борасида кечиктириб бўлмас тадбирлар амалга оширилиши лозим.
Ўйлайманки, бу борада Парламентнинг масъул қўмиталари, Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича комиссия ташаббус кўрсатади. Жамоат фонди томонидан давлат гранти ва ижтимоий буюртмаларини эълон қилиш орқали эса нодавлат ташкилотларнинг коррупцияга нисбатан муросасиз бўлишга қаратилган муҳим ташаббус ва лойиҳалари амалга оширилади.
Йиғилишда Президентмиз томонидан кадрларда фидойиликни ошириш, иллатларга қарши ҳамжиҳатлик курашиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, бу иллатга қарши кураш жараёни ҳеч қачон аниқ муддат билан чекланмайди, фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бу – бутун жамиятимизнинг иши.
Йиғилишда билдирилган ҳар бир танқид масъуллар томонидан чуқур таҳлил қилиниши, аввало бошқаларга ўзлари ўрнак бўлиши, сабабларини бартараф этишга қаратилган тизимли механизмлар ишлаб чиқилиши лозим.
Адхам Шадманов,
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси