Биз ҳақимизда
Парламент комиссияси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2008 йил 10 июлда қабул қилинган 843-I/515-I-сонли Қўшма қарори билан тузилган.
Парламент комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, адлия ва молия вазирликларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари орасидан раис, унинг ўринбосари, масъул котиб ва комиссия аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Парламент комиссияси:
- Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларининг нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун тақсимланишини ташкил этади, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ва давлат органларининг таклифларини ўрганиш асосида аниқ ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш дастурларини ишлаб чиқади;
- Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини тақсимлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлайди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожлантириш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг ўтказилаётган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда, демократик қадриятларнинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашда иштирок этиши масалаларини муҳокама қилишга жамоатчиликни жалб этади;
- жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун маблағларнинг ҳажмларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг (бундан буён матнда жамоат комиссиялари деб юритилади) буюртмалари асосида аниқлайди ҳамда тақсимлайди, ушбу комиссиялар фаолиятига услубий раҳбарликни таъминлайди;
- Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, ушбу жамоат фонди томонидан молиялаштириладиган дастурлар ҳамда лойиҳалар устидан назоратни (мониторингни) амалга оширади, ўз мажлисларида молиялаштирилаётган дастурлар ҳамда лойиҳалар амалга оширилишининг бориши ва натижалари тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ҳисоботларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборотини эшитади, ижтимоий шерикликни янада ривожлантиришга доир зарур тавсияларни ишлаб чиқади ва топширади;
- социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришга, ижтимоий ҳаётни демократлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтириш жараёнларига кўмаклашади;
- ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини, жамоатчилик экспертизасини ташкил этишда давлат органларига ёрдам кўрсатади, мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича тизимли ишлар олиб боради;
- ижтимоий шериклик соҳасида кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
- бажарилган ишлар тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва Сенатига ахборот тақдим этади;
- ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилади.
Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг васийлик кенгаши вазифасини бажаради.
Парламент комиссияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.