Платформа запущена в тестовом режиме
Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2017-2024 йилларда фуқаролик жамияти институтларини бевосита қўллаб-қуватлаш ва самарадорлигини оширишга қаратилган 64 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур ҳуқуқий ва институционал база яратилди.
Бу борада Президентимиз фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлади, деб алоҳида эътироф этдилар.
Ҳозирда ННТларнинг Конституция ва қонунчиликда белгиланган фаолият эркинлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун давлат органларининг мансабдор шахсларига маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ННТлар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур соҳадаги айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорлари сезиларли даражада камайтирилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини ва жамоатчилик назорати субъектлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижалари бўйича баённома, хулоса, маълумотнома шаклида ёхуд қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклда тайёрланган якуний ҳужжатни белгиланган муддатда кўриб чиқмаслик мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи янги моддалар киритилмоқда.
Шу жумладан, Кодекснинг 239-моддасида белгиланган ННТларнинг давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиши, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ёки қонуний чекловларни бузиш каби ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланиладиган жарималар миқдори сезиларли даражада камайтирилмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми ҳисобланиб, давлат томонидан уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилилиши ННТлар фаолиятининг ҳуқуқий асосини яхшилашга ҳамда уларнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши таъсирчан жамоатчилик назоратининг вужудга келишини таъминлаш билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлардан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам четда қолмаётганининг ёрқин исботи бўлади.
Отабек Хусанов,
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори